Касб таълими методикаси


­маъруза. Касб-ҳунар таълимининг таркиб топиш тарихи. Мутафаккир олимларнинг КҲТ ҳақидаги фикрлари



страница6/55
Дата07.05.2020
Размер0,71 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   55

маъруза. Касб-ҳунар таълимининг таркиб топиш тарихи. Мутафаккир олимларнинг КҲТ ҳақидаги фикрлари.



Инсоният маданиятининг илк ўчоқлари - Шарқдаги қадимги Ҳинд ва Хитой, Кушон ва Бақтрия маданияти бўлмаганида Румон ва Юнон маданияти бўлармиди? Мусулмон Шарқ уйғониши бўлмаганида Ғарб уйғониши (XIV-XVI асрлардаги) бўлармиди?

Таниқли венециялик сайёҳ Марко Поло ўз эсдаликларида ёш авлодни ҳаётга тайёрлашда кўп асрлар давомида қўлланилган усул ва воситаларга таянган ҳолда “Нур Шарқдан таралади” деган эди.

Биз ўз тарихимизни қанчалик чуқур ўргансак, маданий меросимизга, анъаналаримизга қаратсак, келажак авлодга шунчалик тўғри таълим берган бўламиз.

Ҳозирги замон касб-ҳунар таълими тизими инсоният жамиятининг узоқ ўтмиш тарихида тўплаган тажрибаси, олимлар, мутафаккирлар, педагоглар, ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларидаги меҳнатига асосланган. Марказий Осиёда меҳнат тарбияси ва мутахассис кадрлар тайёрлашнинг фундаментал асослари VIII-XIII асрларданоқ яратилган эди.

Шарқ мутафаккирлари ўз асарларида ёшларнинг касб-ҳунар таълими ва тарбиясига жуда катта эътибор берганлар. Улар маънавий баркамолликка инсон ўз меҳнати билан эришиши мумкинлигини ҳаётда исботлаганлар. Шунинг учун ҳам меҳнат уларнинг асарларида инсон ҳаётининг моддий ва ахлоқий негизи, инсон бахтининг манбаси деб ҳисобланган.

Шарқда ўғил болаларга касб-ҳунар сирларини ўргатиш одатда 12 ёшдан бошланган бўлиб, у 8-10 йил давом эттирилган. Уста–шогирд ўзаро муносабатлари ўша вақтларда шартнома тузиш орқали тасдиқланган.

Аввал шогирд югурдаклик қилган, ҳовли ва устахонанинг тозалигини сақлаш, ярим маҳсулотлар тайёрлаш ва шу каби юмушларни бажарган, фақат 2-3 йилги қора ишдан сўнг уста мустақил равишда бажариш учун унга бирор-бир иш қилишга рухсат берган. Агар шогирд уста кўнглига ўтирса, уста унга «уста» номини олиши ва ўзи мустақил ҳолда устахонага кириши учун пул ишлаб топиш имконини яратиб беради. Кўп ҳолларда усталар яхши шогирдларни қўйиб юборишни хоҳламасдилар ва уларни ўз қизларига уйлантирар эдилар, ва шу билан бир қаторда, ўғил қилиб олардилар. Шундан сўнг, уста ёғоч ва хом ашёга маълум миқдорда маблағ сарфлаб, шогирдга мустақил равишда ишлаш имконини берарди. Шу йўл билан шогирд тайёрлаган маҳсулотини сотиб, ундан тушган маблағларни «уста» номини олишга бағишланган маросими учун олиб қўярди.

Шуни таъкидлаш ўринлики, шогирдга ҳунармандлик сирларини ўргатиш билан бир вақтда, унга ўзини устахонада қандай тутишиши ва асбоб-ускуналарга қандай муносабатда бўлиши лозимлиги тўғрисида анъанавий кўрсатмалар берардилар.

Ҳунармандчилик рисолалари ҳозирги замон касб-ҳунар соҳасидаги ўқув-меъёрий ҳужжатларининг намунасидир. Ҳунармандчилик рисолалари «удумлар низоми» бўлиб (унча катта бўлмаган 16-18 варақ ҳажмдаги китобча), уста-ҳунармандлар ва шогирдларининг маънавий ҳаётлари ҳамда меҳнат фаолиятларини белгилаб берувчи меъёрий ҳужжат сифатида фойдаланишлари учун мўлжалланган.

Аммо биз учун ўта муҳим нарса шундаки, барча рисолалар жуда катта руҳий-маънавий куч-қувватга эга: улар бажарилиши мажбурий бўлган маънавий қонун-қоидаларни-фарзларни ўрнатадилар ва ушбу ҳунарга мансуб одамлар бу қонун-қоидаларга риоя қилишлари шарт бўлган. Масалан, темирчи, «устахонада ўтириб, одобсиз ва бемаъни сўзларни гапирмасин, эҳтиром билан суҳбат қурсин».

Шарқ мутафаккирларининг асарларида меҳнатга инсон ҳаётининг моддий ва маънавий негизи, инсон бахтининг манбаси сифатида қаралади. Бу тўғрида Кайковус мана бундай дейди: «Ёдингда сақла, ўғлим, бирор нарсага қодир бўлмаган инсон, доимо фойдасиздир ва у ҳеч кимга ёрдам бера олмайди. У бамисоли пояга эга, лекин соя бермайдиган тиканакдир. На ўзига, на бошқаларга фойда бермаган касб-ҳунарсиз одам ҳам худди ана шундайдир. Инсоннинг насл ва насаби, келиб чиқиши қанчалик баланд бўлмасин, агар у касб-ҳунарга эга бўлмаса, одамлар томонидан иззат ва ҳурматда бўлмайди. Агар унда олижаноблик ва бирор-бир нарсага қодирлик ҳам бўлмаса, бу янада ёмонроқдир. Чунки буюклик насл-насабининг гўзаллиги ва олижаноблигида эмас, балки ақл ва маҳоратдадир. Агар сен ота-онанга мос бўлмасанг, фақат улар берган нарсалар билан мағрурланма. Агар сен олийжаноблик дурдоналарига ва маҳоратга эга инсон билан учрашиб қолсанг, унга қаттиқ чирмашиб ол, чунки бундай инсонлар бошқаларнинг қийинчиликларини енгиллатиш қобилиятига эгадирлар».

«Авесто» зардўштийлик динининг муқаддас китоби бўлиб, унинг илк саҳифалари Зардўшт томонидан 548-529 йиллар орасида Амударё соҳилларида яратилган. Бу китоб 12 минг ҳўкиз терисига битилган. Унда оламдаги барча – диний, дунёвий, табиий фанлар бўйича теран мулоҳазалар мавжуд. Унда шундай жумлалар бор: “....Меҳнат қилмайдиган одам! Сен ҳақиқатдан ҳам тиланчилар қаторида, ёт эшикларга таъзим қилиб, абадул-абад бош эгиб туражаксан! Ҳақиқатдан ҳам сенинг ёнингдан турли хил зироатларни олиб ўтадилар, бу ноз-неъматларнинг барчаси меҳнат қилаётган, тўқ ва фаровон яшаётган хонадонга насиб қилади. Абадул-абад шундай бўлажак!”

Қуръони каримда илмга катта эътибор берилган ва “илм” сўзи 765 ўринда тилга олиб ўтилади. Илм олиш ҳар бир инсон учун фарздир. Илм ўрганишдан мурод мансаб эмас, аввал ўқиган илмига ўзи амал қилиб, сўнг халқ ва Ватан олдидаги бурчни адо этишдир.



Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадиларки: “Бир соат илм ўрганиш кечаси билан ибодат қилиб чиққандан афзалдир” (536-ҳадис). “Илму ҳунарни Хитойдан бўлса ҳам бориб ўрганинглар” (126-ҳадис).

Расулуллоҳ толиби илмларга мурожаат этиб: “Олим бўл (илм берувчи бўл) ёки ўргануви бўл, ёки тингловчи бўл, ёки илмга ва илм аҳлига муҳаббатли бўл. Бешинчиси бўлма, ҳалок бўласан” (141-ҳадис), деб насиҳат қиладилар.

Инсоният маданиятига беназир ҳисса қўшган, замину замонларда барча авлодларга маънавий озуқа бахш этган Имом ал-Бухорий ахлоқ ва одобга оид ҳадислар мужассамланган, аҳамиятига кўра Қуръони Каримдан кейинги иккинчи диний манба деб эътироф этилган “Ал-Жомеъ ас-Сахиҳ” китобидан кейин яратган “Ал-адаб ал-муфрад” (“Адаб дурдоналари”) асарида қуйидаги ривоятни келтиради: “Абдуллоҳ ибн Аббос ... айтадилар: Расулуллоҳ: “Кишиларга илм ўргатинглар, уларга қийин эмас, енгил йўлни кўрсатинглар, қачон жаҳлингиз чиқса, жим туришга ўрганинг”, - дедилар” (83-бет).

Абу Наср Форобий – ўрта аср Шарқининг машҳур мутафаккири, қадимги юнон фалсафасининг Шарқдаги энг йирик давомчиси ва тарғиботчисидир. Олим таълим фақат сўз ва ўрганиш билан, тарбия эса, амалий иш, тажриба билан амалга оширилишини айтади ва тарбияни ҳар бир халқ, миллатнинг амалий малакаларидан иборат бўлган иш ҳаракат, касб-ҳунарга ўрганишдан иборат деб ҳисоблайди.

Демак, Фаробий таълим ва тарбия беришни бир-биридан фарқ қилади. Таълим сўз билан, бир нарсани уқтириш, ўрганиш билан амалга оширилади, ёшлар назарий билимларни шу таълим ёрдамида эгаллайдилар.

Тарбия эса амалий фаолиятда намоён бўлади, ёшларга у маълум иш-ҳаракат, касб-ҳунар, одоб орқали сингдирилади.

Фаробий таълим-тарбия жараёнида назарий билим билан амалий ҳаракат –одат, малака, фаолият бирлашиб боради, етуклик шу бирлашувнинг даражасига қараб юзага келади деб ҳисоблайди.

Ибн Сино болаларни алоҳида, алоҳида ўқитишдан кўра, жамоа тартибида ўқитишни афзал деб билади ва унинг устунлиги ҳақида гапириб шундай ёзади: “Ўқувчилар ўқиш ва тарбия давомида илмга чанқоқлик сезадилар. Ўз билимлари билан ғурурланадилар, бир-бирларининг билимларига ҳавас қиладилар. Ғурур ва ўзига эътибор тарбияланувчиларни бир-бирларидан орқада қолмасликка ундайди. Ўқувчилар бирга бўлганда, доим ўзаро гаплашадилар ва бу билан ўз хотиралари ва нутқларини ривожлантирадилар” (Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки. Ташкент, 1985, 85-бет). Ўқитувчи болаларга таълим беришга киришишдан аввал, уларнинг хулқ-атворини ўрганиши ва билимларини текшириб кўриши ҳам лозим. Аввало, у ўқувчининг нимага моил ва қодир эканлигини текшириб кўриши, сўнгра унга ҳунар ёки илм турини тавсия этиши керак.

Шарқ мумтоз адабиётининг буюк намоёндаларидан бири Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асари тарбиявий, панд-насиҳатдан иборат ҳикоя ва ҳикматлар тўпламидир. Унинг фикрича : “...Икки тоифа одам беҳуда ишлаб, беҳуда ҳаракат қилган бўлади: бири мол-мулк йиғиб, фойдаланмаган, иккинчиси эса илм олиб, амал қилмаган одам.”

Ҳарчанд ўқибсан, билимдонсан,

Агар амал қилмадинг, нодонсан

(Саъдий. Гулистон, Ғ.Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриёти, Т., 1968, 157-бет).

Саъдий бирорта соҳада билим эгаллашни бошладими, уни охиригача етказишни маслаҳат беради: бунинг учун одам, биринчидан билишга қизиқувчан, ҳамма ерда ва ҳамма вақт янгиликка интилувчан бўлиши керак; иккинчидан, билимни қуруқ ўрганишни эмас, балки мунозара йўли билан ҳақиқатни аниқлаб, онгли суратда ўзлаштириш керак дейди. Унинг фикрича, мунозарасиз билим ривож топмайди.



Саъдий ўз асарларида меҳнат тарбиясига катта эътибор беради: ҳар бир ёш авлод оиласидаги аҳволидан қатъий назар, ҳунар ўрганиши кераклигини айтади. “Гулистон” асарида Саъдий бир отанинг ўз ўғлига ҳунар ўрганиш кераклигини уқтирганини баён этади. Ота дейди: “Азиз ўғлонларим, ҳунар ўрганинглар, ... ҳунар қайнар булоқ, туганмас давлатдир, агар ҳунарманд молидан маҳрум бўлса, қайғуси йўқдир, чунки ҳунарнинг ўзи давлатдир. Ҳунарманд қаерга борса қадрланади ва уйнинг тўридан жой олади. Ҳунарсиз одам эса ҳамиша машаққат чекади, ўзгалар қўлига қарайди” (117-бет).

Улуғ шоир ва мутафаккир Жалолиддин Румий ақл ҳақида сўз юритар экан, уни инсон вужудида бир амр деб билади. Унинг таъкидлашича, “Мабодо вужуд раиятлари унга бўйинсунса, барча ишлар текис кетади. Агар аксинча эса, ҳаммаси ишдан чиқади”. Инсон ана шундай ҳолатга тушмаслиги учун, вужуд раиятлари ақлга бош эгишлари зарур. “Чунончи, тикувчилик дўконига ишга берилган ёш бола устага итоат қилиши лозим. Модомики боланинг мақсади ушбу касбни ўрганмоқ экан, демак, у ўз тасарруфидан воз кечиб, устанинг амрига “лаббай” деб жавоб бериши шарт” (Шарқ юлдузи, 1995 й., 3-4 сонлари, 208-бет).

Амал ҳамда илм мавжуддир, - дейди шоир. “Баъзиларнинг амали бор-у, илми йўқ. Баъзиларда эса, аксинча. Агар инсонда ҳам амал, ҳам илм бўлса, у ўта муваффақиятли зотдир” (210-бет).

Олимлар изланишлари шуни кўрсатадики, Марказий Осиё ҳалқлари ҳунармандчиликда юксак даражага етишганлигининг асосий сабабларидан бири, ҳунармандчилик устахоналарида нафақат юқори савияли, балки юқори маънавиятли мутахассислар етиштириб чиқарилганлигидир.




2­маъруза. ХХ асрда касбий таълимнинг ривожланиш босқичлари

Москвада фараон Тутанхамон қабридан топилган хазиналар кўргазмаси намойиш қилинганида йиғилганлар турли материаллардан тайёрланган буюмларнинг гўзаллиги ва бетакрорлигидан ҳайратга тушган эдилар. Улар бир неча минг йиллар илгари ясалган эди.

Ҳа, барча даврларда қўли гул моҳир усталар бўлган. Қадимда шогирдларни индивидуал тайёрлаш удум бўлган. Ўрта асрларга келиб оммавий тайёрлаш пайдо бўлди.

Қалъа, сарой ва мачитлар қуриш учун ишончли математик билимлар, қурилиш тоши ёки ғишт, эритма тайёрлаш уқувлари, қурилиш техникасидан фойдаланиш, деворларга ишлов бериш учун лой ва бўёқдан фойдаланиш технологиясини эгаллаш услубларини билиш талаб қилинарди. Темирчилик, пушкалар қуйиш, кемасозлик ва тикувчилик ишлаб чиқаришларида – ҳамма жойда саводли, меҳнаткаш, турли хилдаги ишлар технологиясини биладиган одамлар зарур бўлган.

Манифактура даврига ўтиш йирик корхоналарнинг пайдо бўлишига олиб келди. Уларда меҳнат сувда, сўнг буғ энергиясида ишлайдиган механизмлар билан янгича ташкил қилина бошланди. Бундай объектив жараёнлар ёшларга меҳнат тарбиясидан ташқари баъзи бир умумий билим, уқув ва кўникмаларни бериш зарурлигини кўрсатди.

Россия касбий таълим тизими шаклланган биринчи Европа давлатларидан бири эди. Ишлаб чиқариш таълими тизими Д.К.Советкин раҳбарлигида Москва техник билим юрти ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилган, хорижда «рус тизими» номи билан ўрганилган.

Собиқ совет даврида касбий таълим тараққиёти мамлакат иқтисодий ҳаётидаги ҳодисалар билан боғланган. 1919 йилда “Касбий - техник билимларни ёйиш чора-тадбирлари тўғрисида” декрет эълон қилинади. Унда касбий таълимга қўйиладиган асосий талаблар белгилаб берилган эди: у мукаммал бўлиб, ҳунармандчилик характерида бўлиши керак эмас; умумий ва техник билимларга асосланиши; илмий-техник тараққиёт талабларига жавоб бериши; ўқитишни ишлаб чиқариш меҳнати билан боғлаши зарур.

Ишчиларнинг техник саводсизлигини йўқотиш учун 1920 йили “Ўқув касбий-техник итоаткорлик тўғрисида” декрет қабул қилинди. У 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган ишчиларга, агар улар аввал ҳунармандчилик ёки техник билим юртида ўқимаган бўлса, мажбурий техник таълим беришни кўзда тутар эди. Бу декрет таълимнинг барча шакллари - касбий-техник мактаблар, касбий-техник курслар, ўқув-намунавий устахоналар ва мактаб-клубларни ривожлантириш учун қудратли туртки бўлди.

Касбий-техник мактаблар қуйи техник ва ҳунармандчилик билим юртлари, ҳунарманд ўқувчилар мактаби ва қуйи ҳунарманд мактаблари негизида ташкил қилинган. Унда ишлаб чиқариш таълими ўқитувчи ва усталаридан иборат эски ходимлар меҳнат қилардилар, ўқув хужжатлари (ўқув режалари, дастурлар, ишлаб чиқариш таълими режалари ) ҳам сақлаб қолинган. 4 йил ўқитиш давомида улар тўла қонли малакали ишчиларни тайёрлаб чиқаришар эди.

Касбий-техник курслар малакали ишчилар тайёрлашнинг энг кенг тарқалган шакли эди. Улар ўз вазифалари, ўқиш муддатлари, ташкилий шаклларига кўра фарқ қилган. Уларни 3 турга ажратиш мумкин:

мутахассисликка эга бўлмаганлар ва саноат ёки транспортдаги муайян меҳнат турига тайёрланадиганлар учун курслар;

мутахассисликка эга бўлганлар учун малака ошириш курслари;

усталар тайёрлаш учун мақсадли узоқ муддатли курслар.

Ўқув-намунавий устахоналар қишлоқ эҳтиёжлари учун ҳунармандлар (темирчи, дурадгор, ғилдирак иши устаси ва ҳ.к.) тайёрлашга мўлжалланган бўлиб, ўқитиш муддати 3 йилга тенг эди.

Мактаб-клублар касбий-техник ўқиш шакли сифатида бошланғич ҳолида ўзини оқламади, бироқ кейинчалик фабрика-завод шогирдлик мактабларига айлантирилгандан сўнг янги турдаги оммавий муассасалардан бирига айланиб қолди. 1921 йилдан 1929 йилгача улар муайян корхоналар таркибида бўлиб, улар учун кадрлар тайёрлаб берар эди.

Шу билан бирга ишчиларни корхоналар қошида тайёрлаш саноатнинг шиддат билан риволаниб бораётган муҳим тармоқларини малакали ишчилар билан таъминлаш имконини бермас эди. Ҳаёт кенг миқёсда ишчи кучини ишлаб чиқаришни ва ундан халқ хўжалигида режали фойдаланишни талаб қилар эди.

1940 йили октябр ойида “Давлат меҳнат резервлари тўғрисида” фармон қабул қилинди. У иқтисоднинг етакчи тармоқларини малакали ишчилар билан тўлдириш учун мустаҳкам асос яратди. Ҳар йили қишлоқ ва шаҳар ёшларидан 800 мингдан 1 млн. гача одамни танлаб олиш ва уларни ишлаб чиқариш касбларига ўқитиш зарур деб ҳисобланди. Фармонда ўқиш муддати 2 йил бўлган ҳунарманчилик ва темирйўл билим юртлари ва ўқиш муддати 6 ой бўлган ФЗО (сиртқи бўлим факультетлари) мактаблари ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган эди. Худди шу тизим режали равишда малакали ишчи кучини яратиш тарихида янги саҳифа очди ва уруш йилларида фронтга кетганларнинг ўрнини 2480 минг битирувчи билан тўлдирди. Шу йиллари ташкил қилинган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган махсус ҳунармандчилик билим юртлари ота-онасини йўқотган юз минглаб болаларнинг омон қолишига ёрдам берди.

Урушдан кейинги йилларда касбий таълим тизимини такомиллаштириш ишлари давом этди. 1958 йилда турли хилдаги (ФЗО мактаблари, тоғ-кон билим юртлари, РУ (ҳунармандчилик ўқув юртлари), ЖУ (темирйўлчилик ўқув юртлари) ва ҳ.к.) тайёрлаш шакллари ўрнига ягона турдаги ўқув муассасалари-8 йиллик умумтаълим мактаблар негизида шаҳар ва қишлоқ касбий-техник билим юртлари ташкил этилди. ГПТУ (шаҳар профтехник ўқув юртлари) да ўқиш муддати 1 йилдан 3 йилгача, СПТУ (қишлоқ хўжалиги профтехник ўқув юртлари ) ларда эса – 1 йилдан 2 йилгача қилиб белгиланди. Ҳар бир ўқув юрти бир ёки бир неча яқин-атрофдаги завод, савхоз ва ҳ.к.ларга бириктириб қўйилар эди, уларнинг базасида ўқувчилар ишлаб чиқариш амалиётини ўташар эди.

Тизимнинг кейинги тараққиёт босқичи (1969) ПТУ ларнинг 8 йиллик мактабни тугатганлар учун ўқув юртларига айлантириш бўлди. Фақат энди ўқиш муддати 3-4 йиллик бўлиб, тўлиқ ўрта маълумотли малакали ишчилар тайёрланар эди.

Бугунги кунда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мақсади янги авлод мутахассис кадрларини тайёрлашга қаратилган. Улар юқори умумий ва касбий маданиятга, ижодий ва ижтимоий фаолликка, ижтимоий истиқболли ҳаётга тез мослаша олиш қобилиятига эга бўлишлари зарур. Булар замонавий ишлаб чиқариш талабларини ҳам ўзида мужассамлаштирган. Янги турдаги ўқув муассасалари ҳисобланган касб-ҳунар коллежларида ижодкор, ижтимоий фаол, маънавий бой, жисмоний ва ақлий соғлом кичик мутахассислар тайёрлаш учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Замонавий терминология контекстида касб-ҳунар таълими ва маданий тарбия таҳсил олувчилар шахсининг жисмоний, ақлий ва маънавий имкониятларини узлуксиз ривожланиш ва шаклланиш жараёни сифатида қаралган. Зеро, инсон моҳияти аждодларимиз томонидан жисмоний, ақлий ва маънавий яхлит бирлиги тарзида қабул қилинган. Ўша замонларда инсоннинг руҳий-маънавий фазилатларини мукаммаллаштирмасдан туриб касб-ҳунарга ўргатиш мумкинлиги инкор қилинган. Шу ўринда Форобий, Ибн Сино, Хоразмий, Беруний, Умар Ҳайём, Ибн Холдун, Киндий ва бошқалар шахс тимсолини қандай тасаввур қилганликларини ёдга олиш зарур.

Ватанимиз касб-ҳунар таълими тизимини янги сифат даражасига кўтариш, фарзандларимизга муносиб таълим бериш, уларни замонавий технологияларнинг барча турларидан фойдаланишга, тизимли фикрлашга, замонавий ҳаёт ўзгаришларига мослашишга ўргатиш касбий таълим педагогларининг вазифасидир.



КАСБИЙ ТАЪЛИМ МЕТОДИКАСИНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ

Замонавий ишлаб чиқаришда инсон меҳнати вазифаларининг ўзгариши ёш мутахассисларни тайёрлашда янги ёндашувларни талаб қилмоқда.

Таҳсил олувчилар онгида касб-ҳунар эгаллаш, бунда ижтимоий аҳамияти муҳим бўлган касб-ҳунар фазилатларига эга бўлиш зарурлигини шакллантириш ўта мураккаб ва узоқ давом этувчи жараёндир.
Ҳунарни асрабон нетгумдур охир?

Олиб тупроққами кетгумдур охир?


Алишер Навоий

3­маъруза. Ёшларни касбга тайёрлашнинг янги мазмуни. Ўзгарган ижтимоий-иқтисодий шароитларда кичик мутахассислар тайёрлашнинг устивор йўналишлари


Маълумки, агар касб тўғри танланган бўлса, инсон учун меҳнат қувонч, ижодий илҳом манбаига айланади, бу эса шахс учун ҳам, жамият учун ҳам фойдалидир.

Онгли касб танлаш ўсмирлар етарли даражадаги умумий ва политехник тайёргарликка эга бўлган тақдирдагина мумкин бўлади. Ўқувчини у ёки бу касбга мақсадли йўналтиришдан аввал унинг шахсини ўрганиш лозим бунинг учун уни кузатиш, ўқувчининг мактабдаги, жамоат жойларидаги, оила ва меҳнатдаги амалий ҳаракатларини таҳлил қилиш, сўровнома ўтказиш, суҳбат, тест, интервью олиш мумкин. Касбга йўналтиришда турли касблар, уларга қўйиладиган талаблар, бу касбни қаерда эгаллашлари мумкинлиги тўғрисида ўқувчиларга маълумот бериш катта аҳамиятга эга.



Касб танлаш – жиддий ва масъулиятли ишдир. Ўз ҳаёт йўлини жиддий суратда белгилаб олиш – осон иш эмас. Бунинг учун узоқ вақт махсус тайёргарлик кўриш талаб этилади.

Ўқувчиларнинг касб–ҳунарга лаёқатини ўрганиш учун уларнинг ақлий, жисмоний қобилиятларини билиш, малака ва кўникмаларини ўрганиш лозим.


Ишчи мутахассисларни тайёрлаш ҳар доим ҳам жиддий масала бўлиб келган, чунки ишлаб чиқаришнинг муваффақиятлари уларнинг малака даражасига боғлиқ бўлган. Барча ривожланган давлатлар учун ишлаб чиқаришнинг ҳамма тармоқларида жисмоний меҳнатнинг солиштирма оғирлиги барқарор камайиб бориш тенденцияси характерлидир.

Кўпчилик ривожланган давлатларда ҳавфли ва зарарли ишлаб чиқариш, монотон ва бир хилдаги иш билан боғлиқ бўлган кам малака талаб қилинадиган ишлар машина ва роботларга юклатилмоқда.

Меҳнат функцияларининг ўзгариши ёшлар учун турли хилдаги ишларнинг ўзига тортиш мезонини аниқ ажратиб берди. Бажариш жараёни қизиқарли ва ижодий куч-ғайрат талаб қиладиган фаолият асосий ўринга қўйилмоқда.

Бу меҳнат фаолиятининг турли йўналишлари - саноат ва қишлоқ хўжалигидан тортиб то хизмат кўрсатиш соҳаларигача тегишлидир.

Дунё олимларининг тадқиқотларига кўра янги технологияларнинг ишлаб чиқаришга шиддат билан кириб келиш тенденцияси тез орада барча жойларни қамраб олади. Одат бўлиб қолган кўпгина ишлаб чиқариш жараёнлари ўтмишга айланмоқда ёки тубдан ўзгармоқда. Замонавий кичик мутахассис қадимги ҳунарманд - ишчиларнинг энг яхши сифатларини сақлаб қолган ҳолда янги технологияларга мослашиши ва уни эгаллашга тайёр бўлиши лозим.

Шундай қилиб, мамлакат саноати ва халқ хўжалиги учун малакали мутахассислар тайёрлаш вазифаси ёшларга касб сирларини ўргатишда янги ёндашувларни англашдан иборатдир.

Бу қадимдан ўқувчилар учун ҳар доим зарур бўлган ва ишлаб чиқаришнинг истиқболли талабларини ҳисобга оладиган қатор сифатларни шакллантиришдан воз кечишни билдирмайди. Улар қуйидагилар эди:


  • ишлаб чиқариш ва технологик интизомни тарбиялаш;

  • жиҳоз ва асбобларни асраб-авайлашни сингдириш;

  • олинган назарий билимларни амалиётда қўллай олиш;

  • ишлаб чиқариш техника ва технологияси, меҳнатни ташкил қилиш тўғрисида, касбни эгаллаш ва ишлаб чиқариш малакасининг кейинги ривожланиши учун зарур бўлган ҳажмда чуқур ва мустаҳкам билимларни шакллантириш.

Ҳозирги босқичда бўлғуси мутахассисдан ишлаб чиқаришнинг ўзгариб бораётган шароитларига осон мослаша оладиган ва фаол ҳаракат қиладиган, ижодий ўйлайдиган шахс сифатлари талаб қилинади. Бошқача сўз билан айтганда, замонавий мутахассис қуйидаги сифатларга эга бўлиши лозим: меҳнат фаолияти давомида ўзини онгли равишда ўзгартириш ва ривожлантириш, касбга ўзининг индивидуал ижодий улушини қўшиш, унда ўзига хос ўринни эгаллаш. Демак, малакали мутахассислар тайёрлашнинг асосий йўналиши ёшларга фақатгина билим беришдан иборат бўлмай, балки ҳаётнинг ўзи белгилаб берадиган устивор вазифаларни амалга оширишдан иборатдир.

Сўнгги йилларда ишлаб чиқариш ҳаётининг жонланиши натижасида малакали кичик мутахассис ходимлар етишмаслиги сезилмоқда. Шунинг учун эътиборни касб-ҳунар таълимига қаратиш ва унинг мазмунини янгилаш вазифаси муҳим аҳамият касб этади. Чунки замонавий ишлаб чиқаришда оддий ишчи эмас, балки малакали ва юқори малакали кичик мутахассислар етишмаяпти. Бу вазифани ҳал қилиш яқин даврларнинг энг долзарб вазифаси ҳисобланади.

XXI аср таълими бўйича ЮНЕСКО томонидан тақдим этилган Халқаро комиссия маърузасида таълимнинг тўртта асосий тамойили кўриб чиқилган. Улар қисқа сатрларда баён қилинган бўлиб, чуқур мазмунга эга:

билим олишни ўрганиш – шахснинг шаклланиши ва кейинги ривожланиши янгиликларни узлуксиз кузатиб бориш ва мустақил ўрганишни кўзда тутади;

ишлашни ўрганиш – ишни оддийгина бажариш эмас, балки ҳар қандай буюрилган ишга фаолиятли ёндашув тушунилади (ҳар бир босқичдаги иш натижалари ва ўз фаолиятини баҳолаш ва таҳрирлашни билиш);

яшашни ўрганиш – тез ўзгараётган замон шароитларига мослаша олиш, ўзини шахсий ва оилавий ҳаётга, келажакдаги касбий фаолиятга ижодий сафарбар қила олиш;

биргаликда яшашни ўрганиш – дунёга, инсонларга, ўзига нисбатан қадр-қимматни шакллантириш (жамият аъзоси сифатида индивиднинг барқарор ижтимоий муҳим жиҳатлари тизимини тарбиялаш).

Ҳозирги замонда таълимнинг глобал мақсади инсонни ҳар томонлама ривожлантиришдир. Биринчи ўринга ўқувчининг ички салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда унинг шахсини ривожлантириш масаласи чиқади. Бу фақатгина умумўқув уқувларга тегишли бўлмай балки касбий ўқитишга ҳам тегишлидир. Агар авваллари у предметга йўналтирилган – асосий мақсади шу предмет соҳасининг мазмунини узатиш бўлган бўлса, ҳозир эса ўқувчини ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишга ўтишдан иборат бўлмоқда. Дидактикада у «шахсга йўналтирилган» атамаси билан маълумдир.

Таълимнинг янги мазмунига юқоридагилар билан бирга мезонларни ўлчаш ҳам кириши лозим:

одам қанчалик касб талабларига мос келади ва касб қанчалик инсон талабларига, унинг мотивлари ва лаёқатларига мос келади;

инсон қай даражада касбнинг меъёр ва қоидаларини ўзлаштириб олди ва унда қай даражада ўзини намоён қилишга, ўзини касб воситалари ёрдамида ривожлантиришга интилади;

инсонда ўсиш истиқболлари борми ва уни излайдими, бошқа одамларнинг касбий тажрибасини қабул қилишга тайёрми;

инсон ўз муваффақиятларини миқдорий ва сифат жиҳатдан баҳолай оладими ва унга тайёрми, у уларни балл, мезонларда объектив баҳолай оладими.

Кўриниб турибдики мутахассисга ўз ишлаб чиқариш мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган шахсий сифатлар мажмуаси маълум тарзда ташкиллаштирилган ўқитиш шароитларида шакллантирилиши мумкин. Бу ерда кўзланган мақсад – янги жамият мутахассиссини тайёрлашга қаратилган приоритетлар тўғри танланиши муҳим.

Касбий психология бўйича мутахассислар профессионалнинг муваффақият билан ишлаши учун зарур бўлган барча сифатларни учта блокка бирлаштириш мумкин деб ҳисоблашади. Худди шуларни ўқитиш жараёнида ҳисобга олиш зарур бўлади. Чунки инсоннинг профессисонализми фақатгина унинг ишлай олишида эмас. Замонавий кичик мутахассиснинг фаолиятини кўриб чиқиш ва унга баҳо беришда бу касбда уни нима ҳаракатга келтираяпти, нима учун ушбу иш билан шуғулланаяпти, у қандай қадриятлардан келиб чиқади, ўзининг қандай ижодий ресурсларини ихтиёрий равишда ва ички туйғу бўйича ўз меҳнатига қўшади. Мана шунинг учун ҳам бўлғуси кичик мутахассисни ўқитиш ва шакллантиришда қуйидаги шахсий сифатлар тарбияланиши лозим:


  • Эмоционал-қимматли – ўқиш, меҳнатга бўлган муносабат; аҳлоқнинг ўзлаштирилган меъёрлари (инсонларга муносабат); доминант эҳтиёжлар, рағбатлар ва ҳ.к.;

  • Фаоллик-ирода – ишлаб чиқариш вазиятларига кириш ва ундан чиқиш учун ўзлаштирилган усуллар; тўсиқларни енгиш тажрибаси ва иродали бўлиш; натижаларни назорат қилиш ва таҳрирлаш усуллари; ижоднинг ўзлаштирилган процедуралари ва ҳ.к.;

  • Образли-билимли – образларни умумлаштириш қобилиятлари, фантазия ва хаёлларни ривожлантириш; рефлексия тажрибаси; фикрий амаллар ва фикрий коммуникацияни ривожлантириш.

Бугунги илмий-техник тараққиётни ҳисобга олган ҳолда жуда ёшлик даврдан бошлабоқ ёшларда ижодий салоҳиятни шахсга хос бўлган мажбурий сифат тарзида шакллантириш керак. Цивилизациянинг барча дурдоналари ижодкор инсонлар томонидан ихтиро қилинган технология ва техник воситалар асосида яратилган. Кўпгина ривожланган давлатлар мавқеини ундаги мутахассисларнинг моҳир қўллари тутиб туради. Ўтган асрнинг бошларидаёқ америкалик тадбиркор Эндрю Карнеги шундай деган эди: «Менга менинг фабрикамни қолдириб, одамларни олиб кетинг – тез орада фабрика поллари ўт билан қопланади. Мендан фабрикаларимни олиб, менга одамларимни қолдиринг – тез орада бизда олдингисидан ҳам яхшироқ заводлар бўлади». Шубҳасиз, у ўзларини фабриканинг асосий бойлиги деб тушунган одамларни кўзда тутган эди. Шу ўринда Жанубий Корея меҳнат вазирининг айтган гапини эслаш ўринли бўлади: «Кореянинг қазилма бойликлари йўқ, лекин унинг гуллаб яшнаши учун хизмат қилаётган яхши мутахассислари бор».

Барча ривожланган давлатлардаги олға силжишлар инсониятни тараққиётнинг янги поғоналарига кўтарувчи шундай шахслар туфайли юз беради.



4­маъруза. Компетент мутахассисларни тайёрлашда вазифаларни шакллантириш ва амалга оширишга ёндашувлар. Мустақил меҳнат фаолиятига тайёрланаётган шахснинг касбий муҳим сифатлари


Ҳозирги тарихий давр ёшларга касбий таълим бериш билан шуғулланадиган муассасалар учун катта қийинчиликлар билан характерланади. Замонавий техника, асбоб-ускуналар, жиҳозлар нархининг ошиб бориши ва КҲК ларини молиялаштириш масалаларида муаммолар мавжуд.

Ишчи касбларининг мавқеи ёшлар ўртасида унча юқори эмас. Ҳаттоки КҲЎЮ га борадиганлар ҳам “обрўлироқ” мутахассисликларни танлашади. Масалан, котиба-референт, ЭҲМ оператори, сартарош, тикувчи, бармен, ошпаз ва ҳ.к. Меҳнат бозорида эса биринчи навбатда қурувчи, станокчи, агросаноат мажмуаси кичик мутахассислари зарур.

Аналитикларнинг маълумотларига кўра 85% битирувчилар ОЎЮ ларига кириб ўқишни, атиги 15% и эса касб-ҳунар эгаллаш истагини билдиришган. Жойлардаги иш билан бандлик хизматлари маълумотлари эса тескари – 85% бўш ўринлар ишчи мутахассисларга, 15% и эса олий маълумотли мутахассисларга тўғри келади.

Бир жойда мутахассисларнинг етишмаслиги, бошқа ишлаб чиқаришда уларнинг ортиқчалиги жамият иқтисодига ва аҳлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун ЎМКҲТ тизимига давлат ва жамият диққат-эътиборини тортиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Касб-ҳунар коллежларининг мавқеини кўтариш зарур. Бунинг учун уларда яратилган шарт-шароитлар, кам таъминланган оила фарзандлари учун ётоқхоналар, тиббий хизматлар ҳақида ёшларга кўпроқ ахборот бериш лозим бўлади. КҲК лари касбий ўсиш учун катта имкониятларга эга эканлигини тушунтириш зарур. КҲК ларида инсон ўзини англаш йўлидаги илк қадамларини қўяди.

Педагогик фикрлашнинг янги кўриниши бўлган ҳамкорлик педагогикаси ўқитиш жараёнида муҳим омил бўлиши мумкин. У барча турдаги таълимий муассасалар, барча касбий таълим, ўқитиш ва тайёрлаш шакллари учун яроқлидир. Унинг мазмуни педагогларнинг ўқувчиларга сингдирадиган оддийгина фикрларига асосланади: “Сен мутахассисликни эгаллайсан, у келажакда сен ва сенинг оилангнинг фаровонлигини таъминлаш усули, фаровон ҳаёт кафолатидир. Шунинг учун билим ва уқувларни қанчалик эгаллашинг, малаканг даражаси сенинг саъй-ҳаракатларингга боғлиқ бўлади, мен (педагог) эса бунда сенга ёрдам бериш учун ҳаммасига тайёрман”.

Шу билан бирга фақатгина меҳнаткаш, билимга чанқоқ, ижодий ишловчи ўқувчиларга мўлжал қилиш керак эмас. КҲКЎЮ лари таркибида ўқишни истамайдиган, унга ўрганмаганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ улар бизнинг фарзандларимиз, мамлакатимизнинг бўлғуси фуқаролари ва педагогларга уларни ҳайдаш, жамиятдан чиқариб ташлаш ҳуқуқи берилмаган. Касбий таълим педагогларининг вазифаси ҳар бир ўқувчини ўқув ва ўқув-ишлаб чиқариш фаолиятига фаол жалб қилишдан иборат. Ваҳолангки турли ўқувчилар бор экан, демак компетент мутахассисларни тайёрлаш ва тарбиялашга ҳам турлича ёндашувлар бўлиши лозим.

“Ҳамкорлик педагогикаси” кўзланган мақсадга эришишда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ўзаро муносабатларини таъминлайди. Уни “кириб борувчи технология” деб ҳам аташади. У қуйидаги характерли хусусиятларга эга:

ўқув машғулотларининг демократик, дўстона тусда эканлиги, педагогнинг ўқувчилар билан муносабати зўрма-зўраки эмас, бир-бири билан эркин мулоқот қилиш муҳити; “бўшроқлар” учун эркин ҳаракат қилиш, “кучли” лар учун эса жадал ривожланиш шароитларини яратиш, ихтиёрий ўзаро ёрдамни ташкил қилиш;

ҳар бир дарсда барча ўқувчилар учун психологик қулай, муваффақиятдан завқланиш муҳитини яратиш. Эплолмасликдан қўрқиш ҳиссини йўқотиш. Руҳий эркинликни, ўрганиш давомида ташаббус ва мунозарани рағбатлантириш; ўқувчиларнинг педагогга ва бир-бирларига савол беришлари одатий ҳол бўлиши лозим;

ҳар бир дарсда ижодий муҳит яратиш, ўқувчиларнинг ўз кучларига, мустақил равишда ютуққа эришишига ишончни таъминлаш; ўқувчиларни ўқишга мажбур қилиш методларидан воз кечиш;

ўқувчиларнинг ўқишдаги ютуқларини объектив ва адолатли баҳолаш, ўқитиш сифатини ошириш учун баҳодан фойдаланиш; барча ўқувчиларнинг ўқишдаги ютуқларини мустақил равишда назорат ва таҳлил қилишидан кенг фойдаланиш.

Ҳамкорлик педагогикасининг концептуал асослари, унинг ғояси ва технологияси юқори малакали мутахассислар тайёрлашда асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шахснинг қандай касбий сифатлари унинг ҳар қандай ишда меҳнатга мослашиб кетишни таъминлаб беради?

Ҳар доим шахсий сифатлар инсоннинг ҳаётда тутган ўрнини белгилаб берган. Бироқ кўп йиллар давомида сифатсиз, рақобатбардош бўлмаган, талаб бўлмаган маҳсулотни ишлаб чиқариш одатий ҳол бўлиб қолган ва аҳволни тўғрилаш бўйича фавқулотда чоралар кўриш учун баҳона ҳам бўлмаган. Ҳаттоки космик кемаларни ясашда ҳам қўпол хатоларга йўл қўйилганлиги тарихдан маълум. Бозор муносабатлари бундай психологияни ўзгартирмасдан, муҳим касбий сифатларни шакллантирмасдан туриб дунё бозорларидаги рақобат курашида ютуққа эришиш мумкин эмаслигини кўрсатди.

Сир эмаски кўпгина ривожланган давлатларда кучларни ишлаб чиқаришдаги назорат аппаратларини кўпайтиришга эмас, балки ҳар бир ишчи ўринда нуқсонга йўл қўймасликка йўналтириш истиқболли эканлиги тан олинган. Қисқача айтганда, ишлаб чиқаришда банд бўлганларнинг иш сифати учун масъулияти ортиб бориши билан характерланадиган янги турдаги маданий-ишлаб чиқариш муносабатлари яратилмоқда. Агар америкача тизимда стандартларга қатъий риоя қилиш масаласи қўйилса, японларнинг сифат тўгаракларида (фақат кўнгиллилардан тузиладиган) стандартда кўрсатилгандан юқорроқ сифатга эришиш вазифаси қўйилади.

Шундай қилиб, эртага меҳнатга лаёқатли мамлакат аҳолисининг асосини ташкил қиладиган авлодда касбий сифатларни шакллантириш муҳим миллий вазифага айланади. Мутахассисликка ўқитиш давридаёқ бўлғуси жамият аъзоларида қандай касбий муҳим сифатлар шакллантирилиши лозим?

Энг авало – меҳнатга интилиш. Бу ҳам рўёга айланган орзудан лаззатланиш, ҳам сезиларли моддий натижани кутиш, бажарилган мажбуриятни англаш, зарур ишни бажариш учун масъулият ҳисси ва ниҳоят, меҳнат жараёнига ўзидан, янги бирор нарса қўшиш истаги.

Педагог шу ўринда ёш мутахассислар томонидан бажарилган ишларни мисол қилиб келтириши мумкин. Бу ўқувчиларни ижодий изланишларга ундайди.

Ҳар қандай ишчи - мутахассиснинг иш сифати унинг технологик интизомга риоя қилиши ва тайёрлаган маҳсулот сифати билан баҳоланади. Айтиб ўтганимиздек ривожланган давлатларнинг ишлаб чиқаришидаги қатъий технологик интизом чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати, ишончлилиги ва узоқ муддатлилигини таъминлаб беради. Буларнинг ҳаммаси, ҳаттоки буюм ўхшашидан анча қимматроқ бўлса ҳам, барқарор харидни таъминлайди. “Мен арзон буюмлар сотиб оладиган даражада бой эмасман” деган нақл кўпчиликнинг қиммат бўлса ҳам сифатли маҳсулотга интилишини акс эттиради.

Ҳар бир иш ўринга назоратчини қўйиш мумкин эмас, технологик занжирнинг ҳамма босқичларини кузатиш жуда мураккаб. Фақатгина топширилган иш учун “Қандай бўлиши керак?” қабилида шаклланган масъуллик сифат кафолати бўлади.

Бир неча ўн йилликлар давомида атрофдаги ҳамма нарса “умумий” бўлгани сабабли унутилган “эгалик” ҳисси жуда кучли инсоний омилдир. Ўз шаънини ўйлайдиган ҳақиқий ишлаб чиқарувчи бўлмағур маҳсулот чиқармайди.

Ўқитиш шараёнида бўлғуси мутахассисларда эстетик, меҳнат гўзаллигидан завқланиш, бадиий дид, гўзал буюмлар яратиш уқувларини тарбиялаш учун шароитлар яратиш зарур.

Яна бир муҳим сифат – бу иқтисодий тежамкорлик ва ишлаб чиқаришнинг экологик оқибатларини ҳисобга олишга одатланиш уқувлари ҳисобланади. Қачонки параметрлар таққосланса, энергия истеъмоли, ихчамлик ва бошқа эксплуатацион характеристикалар билан баҳоланса, ишлаб чиқариш чиқиндилари масалалари таҳлил қилинса ва буларнинг ҳаммаси тарбияланган одатга айланса, у ҳолда технологик ва иқтисодий саводхонликнинг бирлиги, ташаббус кўрсатиш, тадбиркорлик ва ўз фаолияти самарадорлигини баҳолаш ўз-ўзидан таъминланади.

ЎМКҲТ тизими асосида бўлғуси мутахассисларда бундай касбий муҳим сифатларни шакллантириш вазифасини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда, юртимизнинг тараққиёти бу вазифаларни ечиш билан боғлиқдир.

КАСБИЙ ПЕДАГОГИК ФАОЛИЯТ ВА КАСБИЙ ТАЪЛИМ ЎҚИТУВЧИСИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

Маълумки “педагогика”, “педагог” атамалари Қадимги Юнонистонда пайдо бўлган ва таржимаси “бола етаклаш”, “болалар йўлбошчиси” деган маъноларни билдирган.

Вақт ўтиши билан педагогик фаолият ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди. Бундан ташқари бу фаолият натижалари ижтимоий тараққиёт натижасини аниқлайди. Ёш авлодни тарбиялашдек қийин, лекин эзгу йўлни танлаган инсонлар ҳақида кўп илиқ сўзларни айтиш мумкин. Бироқ педагог учун зарур бўлган касбий сифатларни яхши англаб етиш зарур, уларсиз педагогнинг меҳнати зўрма-зўраки, мажбурий бўлади. Педагогнинг хатоси, унинг камчиликлари эса ўқув муассасаси доирасидан ташқарига чиқиб, жамият учун катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Педагогнинг шахсий ва касбий сифатлари

Ўқув йиллари давомида ўқувчилар кўз ўнгидан турли фанлардан дарс берувчи кўп сондаги педагоглар ўтади, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ёдда қолмайди, энг ачинарлиси устозларнинг барчаси ҳам ўқувчилар қалбида ўз изини қолдира олмайди. “Номига” педагоглар шахсни тарбиялай олмайди. Шахснинг касбий муҳим сифатларини тарбиялаш ўқув жараёнини ташкил қилишда марказий масалалардан бири ҳисобланади.

Касбий таълим ўқитувчисига зарур бўлган сифатлар энг аввало бу мутахассисликка қўйиладиган талабларнинг бошқаларга ўхшамаслигига кўра ўзига хосдир. Бу хусусиятлар ОЎЮ ўқув дастурлари томонидан ҳисобга олинган. Бошқа фан ўқитувчиларини тайёрлашда бир ёки кам ҳолларда иккита умумтаълим фанни ўқитиш методикаси, технологиялари, тарбиялаш усуллари етакчи ўрин эгаллайди. Инженер-техник ОЎЮ лари эса муайян ишлаб чиқариш технологиялари ва уларни лойиҳалаш бўйича мутахассислар тайёрлайди. Улар ўзларининг ишлаб чиқаришлари учун кадрлар тайёрлаш таълимий технологиялари билан бутунлай нотаниш бўлишлари мумкин.

Касбий таълим педагогини тайёрлаш таълимнинг психологик-педагогик ва инженер-техник компоненталарининг чуқур интеграцияси, уларнинг бирикиб кетиши ва бир-бирини бойитиши йўли билан амалга оширилади, ҳам педагогик, ҳам ишлаб чиқариш технологияларини қамраб олади. Бунга дидактика, умумметодик, умумтармоқ ва тармоқ, махсус психологик-педагогик ва хусусий методик тайёрлаш турлари киради. Ҳеч бўлмаганда битта кичик мутахассис касби бўйича малакага эга бўлиш кенг кўламдаги ўқув фанлари бўйича назарий таълим ўқитувчиси ва амалий ўқув устаси функцияларини қўшиб олиб бориш имконини беради.

Педагог маданияти ва эрудицияси муҳим аҳамиятга эга. Дарсда, дарсдан ташқари тадбирларда, оддийгина мулоқот вақтида ўқувчилар ҳар доим педагогнинг интеллекти, зиёлилиги ва инсонпарварлигини зийраклик билан кузатиб туришади.

Ўқитувчи ёки уста ўзини фақатгина ўқув дастурини “бажарувчиси” эмас, балки ўзи дарс бераётган ишлаб чиқариш соҳасининг тўла қонли вакили деб ҳисобласа ўқувчилар кўз ўнгида ҳайратли дунё очилади. Бу ностандарт фикрлаш, техника мўъжизаларидан ҳайратланиш ва реал вазиятларни таҳлил қилиш, излаш йўналишларини мустақил танлаш дунёси бўлади. Бундай педагоглар жамият ва шахс ҳаёти маънавий-аҳлоқий масалаларини жиддий ва муносиб тарзда кўтариб чиқишлари ва уларни юқори ва тоза нотада ўқувчилар билан муҳокама қилишлари ҳамда улар тарбиясида зарурий сифатларга эришишлари мумкин.

Ўз ишининг ҳақиқий устаси ўқувчиларига нисбатан фақатгина дўстона ва том маънодаги инсонпарварлик билан ажралиб турмайди. Ўз фаолиятининг натижаларини олдиндан кўра билиш, ўқувчиларнинг реакцияси ва кутилмаган вазиятларда унга тузатиш киритиш – педагогнинг касбий муҳим сифатларидан биридир. Очиқ тан олиш керак, ёш мутахассис у ёки бу вазиятда қандай йўл тутишни ҳар доим ва тезда топа олмайди. Лекин тўғри ечимни аниқлаш кўпинча педагогнинг шахсий тайёргарлигига боғлиқ бўлади.

Шахсий намуна – педагог ихтиёрида бўлган энг кучли воситадир. Шахсий маҳорат эса – шундай сифатки, у ўз ўқитувчисини яхши кўрадиган ўқувчилар учун тақлид қилиш намунаси, ўзига тортиб турувчи кучли мотив бўлиб хизмат қилади. Аввал ўқувчилар уни ҳафа қилиб қўйишдан қўрқишади, сўнг ўз ютуқлари билан ҳурсанд қилишга интилишади, кейинчалик эса ундан ўзиб кетишга ҳаракат қилишади. Бу ҳам ўқитувчи, ҳам ўқувчи учун катта бахтдир.

Мавзуни Л.Н.Толстойнинг ушбу сўзлари билан тугаллаш истаги туғилди: “Донишманд одамнинг хусусияти қуйидаги учта нарсадан иборат бўлади: биринчи – бошқаларга нимани маслаҳат берса, ўзи ҳам шуни бажариши, иккинчи – ҳеч қачон адолатга қарши чиқмаслик ва учинчи – атрофидаги одамларнинг камчиликларига сабр-бардошли бўлиш ”.

Буни касб таълими педагоглари учун кўрсатма деб қабул қилиш мумкин.




Поделитесь с Вашими друзьями:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   55


База данных защищена авторским правом ©psihdocs.ru 2019
обратиться к администрации

    Главная страница